Шуҳрат Дарё: “Энг яхши дўстларимни армияда топганман”

102

Умрида бир марта бўлсин қўшиқ айтмаган инсон топилмаса керак. Ишласак, юрсак, турсак, қувонсак, ғамга ботсак димоғимизда ўзимиз суйган қўшиқларнинг, руҳимизга манзури айланаверади. Лекин қўшиқни ҳаёти мазмуни деб билган, куйлаганида тингловчини энтиктирадиган, ўйнатадиган, ўйлатадиган санъат аҳли борки, уларни қайта-қайта тинглашга кўнгил эҳтиёж сезаверади.

Шуҳрат Дарё шундай санъаткорлардан. Унинг ижросидаги “Эслатар”, “Сўзласа”, “Йиғламанг”, “Кўйлаклари билан чўмилган қизлар”, “Оққушлар”, “Капалак”, “Майлими?”, “Лолақизғалдоқ”, “Гулижон”, “Қор” каби дилтортар тароналари неча йил ўтса ҳам оҳори тўкилмайдигандек, тафтини йўқотмайдигандек, гўё. Санъат шуниси билан санъат, асли.

Ижодкор учун тасаввур кенглиги жуда муҳим. Тасаввур қанчадан қанча буюк асарларга, ўлмас дурдоналарга бошпана бўлганини тарих исботлаган. Болалик палласи эса чексиз хаёлотнинг ҳам ибтидоси, ҳам интиҳоси. Болалигингизнинг энг эсда қолган лаҳзалари ҳақида гапириб берсангиз.

– Қашқадарёнинг Китоб туманида туғилганман. Болалик деганда дарё бўйида бўлам (амакимнинг ўғли) Зиёдулла билан ўтган кунларим кўз олдимдан ўтаверади. Балиқ тутардик, чўзма отардик, Зиёдулланинг қўй ва қорамолларини боқардик. Худо берган куни дарёда чўмилардик. Онам хавотирланиб “Дарёга борма”, дердилар. Мактабда “аълочи” бўлганман. Дарёга бориш учун ўқишдан келардим-да, шартта-шартта уй ишларини бажариб, кўчага отилардим. “Гуноҳим” уй юмушлари баҳона кечириларди.

Ўша дарёнинг ўйноқи ва майин тароналари қўшиқларингизга кўчиб ўтгандек…

– “Дарё” тахаллусини ҳам бекорга танламаганман. Ниятим – қўшиқлар дарёсини яратиш. Бунинг учун ирмоқлар, яъни издош шогирдлар ҳам керак, албатта. Ғаминг ошса, дарёга бор, деган гап бекорга эмас. Дарё одамни овутади, кўксидаги жамики олов тафтини пасайтиради, ўйлантиради, юрагига қулоқ солишга, эртасига бамайлихотир назар солишга ўргатади. Унинг қудрати олдида биз заррамиз, холос.

Шуҳрат Дарёни яқиндан таниганлар уни хушмуомала, ҳаммани тенг кўрадиган, доим хушкайфиятда юрувчи дейишади. Бу характерми ёки ижодий кайфиятни сақлаб туриш учун ёзилмаган қоидами?

Одам ўзини ўз фикрига кўра тартибга солади. Таъсирчанман. Баъзан ўта раҳмдиллигим тутиб кетади. Лекин бироз таваккалчилигим ҳам бор. Ижодкор меҳнати нақадар масъулиятли эканини биламан, лекин ўзимни атайин шундай тутишга, тилда бошқа, дилда бошқача юришга нафрат билан қарайман. Инсон ўз ҳолича, борини яширмай, қисиниб-қимтиниб, кимларгадир ялтоқланиб эмас, бошини баланд кўтариб, мағрур яшасагина ютади.

Сиз учун ижоддан ҳам устун нарсалар борми? Нима сизни ижоддан тўхташга мажбур қила олади?

– Бу ҳақида жиддий ўйлашим учун мутолаа менга кўмакчи. Эмил Золянинг “Ижод” асарини ўқигач, мен учун оила ижоддан-да муҳимлигини, Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни”сидан сўнг ҳаётим дўстларимсиз мазмунсизлигини тушундим.

Назаримда, ишқгина санъаткорни оташин куйлашга, чин қўшиқларни яратишга ундайди. “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама”, деб бекорга айтмаган шоҳ Машраб ҳам. Севганмисиз?

– Севганман! Талабалик даврида оташин муҳаббат каминадан сўрамай кўнгилга кириб келаверган. Ўшанда шеър ҳам ёзардим. Ишқ алангасида совчи ҳам жўнатдим. Отаси кескин рад этди. Қайсарлигимни билиб, бошқа институтга ўқишини кўчиртирди. Онам Қашқадарёдан Тошкентга келиб: “Ўғлим, ҳаммаси тахт, қиз рози, фақат келиш қолди, дегандинг-ку!” деб қуруқ қўл билан қайтиб кетдилар. Тақдир экан, бунинг учун бировни айблаш нотўғри. Лекин севги синовларидан олдин ҳам қўшиқ айтардим, айтганда ҳам жўшиб айтардим.

 Эшитишимча, мутахассислигингиз тиббиёт ходими экан. Санъатга меҳр шифокорликдан устун келдими?

2004 йил профессионал қўшиқчилар танловида олий ўринни эгаллаганимда шифохонада ишлардим. Ишга борсам, касбдошларим ҳазил аралаш: “Бу ер сени жойинг эмас, сен санъат учун туғилгансан”, – дейишган. Турмуш ўртоғим ҳам шифокор эди. Унга: “Иккаламиз ҳам шифокор бўлиб нима қилдик? Мен санъат билан шуғуллана қолай”, – дедим. Қолаверса, қўшиқ менинг борлиғимга айланди. Санъатнинг, оҳангнинг оҳанграбосига сеҳрланиб қўшиқлар ортидан эргашиб яшаяпман. Санъатнинг сеҳри руҳимни мафтун этди

Санъаткор ҳам, шифокор ҳам устозлар сабоғи билан профессионалликка эришади. Санъат йўлида сизга ким йўл-йўриқ кўрсатган?

– Устозим Мансуржон Мамиров илк бор студияга етаклаган. Қўшиқни икки ой пишитиб, кейин ёзардик. Аҳмаджон Дадаев мусиқаси билан “Умидим қолди” қўшиғини ёзганмиз. Устозим студияда дуо қилиб турганлар. Устоз ҳақида ўйлаганда кўз олдимда шу ҳолат гавдаланаверади. Улардаги ижро мени мафтун этган. Бу қўшиқларнинг ўзини ҳам устоз дейишга лойиқ деб биламан. Шу билан бирга бугунга келиб мени ҳам устоз дегувчилар бор. Бундан хурсандман. Шогирдларим турли танловларда ғолиб бўлишганда бошим осмонга етади.

Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз бир фармон имзолаган экан. Фармони олийда келтирилишича, кимда ким катта ашулаларни ижро вақти бузиб айтса, дарра билан жазоланган ва қўшиқ куйлаш уларга ман этилган. Бугун ашулани бузиб айтиш тугул, жонли куйлашнинг ўзи камнамо бўлиб қолди…

– Албатта, бу ачинарли ҳол… Жонли ижрода концерт бериш “оламшумул воқеа, катта жасорат”, деб баҳоланадиган замонда яшаяпмиз. Созандалар ҳақида ҳам хулоса шу. Битта профессионал созанда етишиб чиқиши учун камида ўттиз йил керак. Уларни қўллаб-қувватлаш негадир эътиборимиздан четда қолаётир. Компьютернинг беминнат кўмаги билан қуроқ қўшиқларни улаб-улаб, уч-тўрт даврада оғзини қимирлатиб, ўзидан “юлдуз” ясаб олаётганлар қанча! Бир замонлар устозларимизнинг синчков нигоҳи, беаёв танқиди сабаб ашулаларимизни қайта-қайта муҳокамадан ўтказиб, сўнг айтардик. Эҳтимол, назоратнинг йўқлиги, танқиднинг камаяётгани бемаза қўшиқларнинг кўпайишига тагзаминдир. Йилига “Истиқлол” санъат саройида жонли ижро бўйича иккита фестиваль ўтказилса ҳам ҳақиқий истеъдодларни аниқлаш мумкин. Бунга қўшиб созандалар учун ҳам танлов, фестиваллар ташкил этилса, муаммоларимиз сони салга камаярмиди… Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов, Ғиёс Бойтоев каби устозларимиз бир фестивалда халққа танилганди. Ҳозир эса фақат чет элда танилиб келганларни тан оламиз. Ўзим ҳам шундай танловларда йўлимни топганман.

Одамлардан қачон хафа бўласиз, нималар сизни ранжитади… Ҳаётда, санъатда?

– Одамлардан эмас, уларнинг хатти-ҳаракатларидан ранжийман. Бугун кўпимиз театр, жонли концертларга бормай қўйдик. Аксаримиз Россия телеканалларидаги шоуларни тинмай кўрганимиздан рус артистларини кўкка кўтарамиз-у, ёнимиздаги истеъдодга шубҳаланиб қараймиз. Кўпчиликка номаълум санъаткорлардан Алижон Эшонқуловнинг “Менинг бу дунёда керагим ўзинг” деган қўшиғини такрор-такрор тинглайвераман. Асл истеъдод! Аммо у на радиога, на телевидениега киритилади. Бундай қўшиқлар кўп, бироқ уларни суяйдиган қўллар саноқли.

Бугун мухлисларингиз қатори кўпчилик санъаткорлар кўнглидан ҳам жой олиб улгургансиз. Аммо Шуҳрат Дарё кимнинг қўшиқларини тинглаши бизга қизиқ…

– Замондошларимиздан Юлдуз Турдиевани кўп эшитаман. Қўшиқ куйлаганда бутун вужуди билан кўйлайди. Борлиғи қўшиққа айланади.

Ватанпарварлик нима сиз учун?

– Ватан чорлаганда лаббай деб, ҳеч иккиланмасдан бориб, юклатилган вазифани сидқидилдан бажариш. Хизматига ҳамиша тайёр туришдир. Инсон бир оилани гуллатиб, бир аёлни бахтли қилиб, яхши фарзандларни тарбиялаб, танлаган йўналиши бўйича катта марраларни забт этса, бу ҳам бир ватанпарварлик, юртнинг келажаги учун қўйилган пойдевордир.

Армияга борганмисиз ва ундаги хотиралар билан ўртоқлашсангиз

– Волгоградда хизмат қилганман.  Хизматни аъло даражада ўтаганман. Энг қизиғи спортда, жамоатчиликда фаол бўлганман, бироқ қўшиқ айтишимни икки йил ичида ҳеч ким билмаган, сездирмаганман. Рус тилини яхши билардим, юртдошларимизга ўргатганман. Чин  дўстларни ҳам армияда топдим. Тўртта қуролдош дўстим бор, ҳозиргача бир-биримизнинг яхши- ёмон кунимизда бел боғлаб хизмат қиламиз. Армия йигитни аниқликка, вақтни тежашга ўргатиб, жисмоний ва ақлий кучини оширади. Асосийси интизомни ўргатади.  Бизнинг давр билан у даврни солиштириб бўлмайди. Ҳозирги аскарларни кўриб  ҳавас қилади одам. Агар ёшликка қайтиш имкони бўлса, ўз она юртим учун, сарҳадларининг осойишталиги учун хизмат қилган бўлар эдим.

Хизмат сафарлари билан юртимизнинг чекка-чекка қишлоқларида ижод қилишга, одамлар билан суҳбатлашишга  тўғри келади. Уларнинг кўзларида нима кўрасиз?

– Тўрғи, сафарларда кўп юрамиз. Баъзи қишлоқларда ҳамма имконият етарли бўлса, баъзиларида интернет ҳам йўқ, лекин уларнинг кўзларида ишонч бор. Шундай саҳна кўринишлар тайёрлашадики, вужудингни ларзага солади. Шундай пайтда ҳамма имкониятлар бор жойда камроқ ижод қилаётган одамдай сезаман ўзимни, уялиб кетаман. Бир нарса аниқки,  мулоқот чоғида улардан куч олиб қайтаман. Кўзларидаги ишонч, ижод қилишга ундайди.

Ватанпарварларга тилакларингиз…

– Юртимиз сарҳадлари мустаҳкам бўлсин. Ҳарбийларимиз ўз соҳаларини етук мутахассиси бўлишида омад ёр бўлсин. Тинчлигимизни асраган  аскарларни  ҳар доим эл меҳри асрасин.

 Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Шоҳсанам НИШОНОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти