Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртига ёшларнинг саёҳати ташкиллаштирилди

41

Мустақил Ўзбекистонимиз келажагининг янада порлоқ бўлиши бугунги ёш авлодга берилажак таълим ва тарбияга боғлиқ албатта.

Шу жиҳатдан, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида улғайтириш ҳамда миллий армиямизнинг қудрати ва бўлажак офицерларга яратилган шарт-шароитлар билан таништириш мақсадида Қарши шаҳрида жойлашган 9-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчилари Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртига саёҳати уюштиришди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда билим юрти раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ташриф давомида ўқувчиларга аввало билим юртининг ташкил этилиши ва унинг миллий армиямизда тутган ўрни ҳақида маълумотлар берилди. Шундан сўнг улар олийгоҳ майдонида жойлашган ҳарбий самолёт ва вертолётлар билан танишиб, спорт майдони томон йўл олишди.

У ердаги қулай шароитдан ҳайратланган ҳолда, спорт анжомларида ҳавас билан машқлар бажаришди. Компьютерлардаги назарий учиш машғулотлари ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Ҳарбий билим юртининг музейи жойлашган хонада ўқувчиларга барча турдаги самолёт ва вертолёт макетлари ҳамда улардаги зарур жиҳозларнинг аввалги ва бугунги кўриниши намойиш этилди.

Ҳабий учувчилик соҳасининг тарихий шахслари ва техникалар ҳақида сўзловчи электрон бурчакдан кўплаб маълумотлар олишди. Ётоқхона шароитларини кўздан кечирган болалар қалбида ушбу билим юртида таълим олиш орзуси уйғонгани, шубҳасиз.

Иқтидорли курсант томонидан ижро этилган мусиқалар саёҳатга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Ташриф якунида ўқувчилар мезбонлар томонидан ширинликлар билан меҳмон қилинди.

Экскурсиядан барча ёшлар олам-олам таассуротлар билан хушнуд қайтишди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати