Ҳарбийлар пойтахтдаги умумтаълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирларни ўтказишди

48

Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан доимий равишда умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 299, 276 ҳамда 316-сонли умумтаълим мактабларида ўтказилган навбатдаги тадбирда ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, Ватан ҳимояси, уни севиш ва асраш қай даражада шарафли ва фахрли эканлигини намойиш этишди.

Буни ватанпарварлик руҳидаги байрам тадбири десак ҳам бўлади. Негаки мактаблардаги катта спорт залларини тўлдириб турган ўқувчилар ва ўқитувчилар дастлаб, Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестрининг қалбларни жунбушга келтирувчи жанговар ва миллий руҳдаги мусиқа садоларидан баҳраманд бўлишди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг куй-қўшиқлари эса дилларга завқ бағишлаш баробарида ёшларни рақсга чорлади.

Шундан сўнг, болаларни ҳаяжонга солган ва айнан улар кутган ҳарбийларнинг жанговар руҳдаги чиқишлари бошланди. Яъни, Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм посбонлари қўл жанги бўйича кўргазмали усулларини намойиш этишди.

– Умумтаълим мактабларида Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ёшларни фидоийлик ва Ватанга садоқат  руҳида камол топишлари учун дастуриламал вазифасини ўтаб келмоқда – дейди 276-умумтаълим мактаби директори Руслан Валиев.

Ўқувчи ёшлар учрашувдан олам-олам таассурот олганига гувоҳ бўлдик. Ва албатта, қалбларидаги юртга бўлган муҳаббат, ватанпарварлик туйғусини юракларига янада теран жо этганига шубҳа йўқ.

                Зулфия ЮНУСОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти