Информатика фани бўйича курсантлар ўртасида ўтказилган олимпиада ғолиблари аниқланди

33

Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида информатика фани бўйича олимпиада ўтказилди.

Мазкур олимпиада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида 2020 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган   нуфузли мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган олий ҳарбий билим юрти номини аниқлаб берди.

Унда Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти, Қуролли Кучлар академияси, Миллий гвардия ҳарбий-техник институти, Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантларидан иборат жамоалар иштирок этди.

Тўрт кишидан иборат жамоалар аввалига алоҳида-алоҳида ва якунда жамоа бўлиб берилган вазифа ва топшириқларни бажаришга киришди. Курсантлар аввалига Microsoft Office дастуридаги ҳужжатлар билан ишлаш бўйича, кейин дастурлаш ва якунда ягона тактик майдонда жамоа таркибида биринчи ва иккинчи босқич вазифаларини бажаришди.

– Мен ушбу мусобақанинг республика босқичида назоратчи сифатида иштирок этяпман. Ҳарбийлар билан кўп ишлаганман, лекин бугун бир нарсани ўзим учун кашф қилдим, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ахборот хавфсизлиги факультети талабаси Ҳусан Ҳасанов. – Курсантларнинг вазифа бажараётгандаги ҳолатини кузатдим. Улар топшириқнинг ярмини ҳам уддалаб улгурмаган пайт белгиланган вақт тугашига кўп қолмади. Лекин курсантлар хотиржам, босиқлик билан қолган вақтдан унумли фойдаланиб, ўз зиммасидаги топшириқни аъло даражада бажаряпти. Бу уларнинг руҳий ҳолати барқарор, қийинчиликдан чўчимайдиган ва вазиятни кўра билиш кўрикмаси яхши шаклланганидан далолат.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти 1-ўрин, Қуролли Кучлар академияси 2- ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари 3-ўринга лойиқ кўрилди.

Яккалик баҳсларда эса Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсанти Раҳимбек Рустамов биринчи, Қуролли Кучлар академияси курсанти Айдўс Абатбоев иккинчи ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Ҳумоюн Тиркашев учинчи ўринни банд этди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти