Ҳарбий қисм ва санъат мактаби беш муҳим ташаббус ижросини таъминлашда ҳамкорлик қилмоқда

67

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларидан бирида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 18-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби маъмурияти билан ҳамкорликда мактаб ҳудудида тасвирий санъат, адабиёт, хареография, мусиқа, ўзбек халқ чолғулари, анъанавий хонандалик, бисер тикиш, зардўзлик маҳсулотлари ва гилам тўқиш тўгараклари ташкил этилиб, маҳоратли устозлар томонидан ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига сабоқ бериб келинмоқда.

– Тўгаракларни ушбу мусиқа мактабида ташкил этилиши бежиз эмас албатта, – дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари майор Муродбек Авазов. – Биз фарзандларимизни ҳаваскор эмас, балки профессионал даражадаги санъатга ошно бўлишларини, бу ердаги маҳоратли устозлардан таълим-тарбия олишларини истаймиз. Қолаверса, мактабда болажонлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, чолғу асбоблари дейсизми, тўқувчилик дастгоҳлари-ю рассомчилик жиҳозлари, хуллас барча-барчаси муҳайё. Яқин кунларда фарзандларимиз томонидан ҳисобот концерти намойиш қилиниши ҳам режалаштирилмоқда.

Албатта, бу каби тўгараклар эртамиз эгаларининг иқтидорларини намоён этишда ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати