Мудофаа вазирлиги миқёсида «Энг намунали ҳарбий шаҳарча» танловининг якуний босқичи ўтказилмоқда

29

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги миқёсида «Энг намунали ҳарбий шаҳарча» кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилмоқда.

Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмнинг кўплаб бинолари яқинда фойдаланишга топширилганлиги сабабли бу ерда замонавий технологиялар асосида бунёд этилган иншоотларга кўзингиз тушади. Қисмнинг икки қаватли шинам ошхонаси, 20 мингдан ошиқ бадиий ва илмий китоблардан ташкил топган кутубхонаси, ўқув хоналари, машғулотлар майдончалари, жаҳон андозаларига жавоб берадиган тренажёр ва спорт зали, ҳарбий хизматчиларга ажратилган уй-жой ва ётоқхоналар, буларнинг барча-барчаси ҳавас қилишга арзийди.

Танлов шартларига кўра моддий, уй-жой, тиббий таъминотлари, санитария-эпидемиология, давлат техник назорати ва техника ҳамда ёнғин хавфсизлиги каби соҳаларда қўйилган талаблар бўйича ўз ҳарбий округларида ғолиб деб топилган бешта ҳарбий қисм Мудофаа вазирлигининг “Энг намунали ҳарбий шаҳарча” кўрик-танловининг якуний босқичида иштирок этмоқда.

Кўрик-танловни ўтказишдан кўзланган мақсадлар сирасига қуйидагилар ҳам киради: қўшилма, қисм ва муассасаларнинг уй-жойдан фойдаланиш хизматлари, ишчиларнинг жанговар ва махсус тайёргарлигини ошириш, ҳарбий шаҳарчалар фондининг техник эксплуатацияси даражасини мустаҳкамлаш, ҳарбий шаҳарчаларда бино ва коммунал иншоотларнинг техник ҳужжатлари ҳисобини юритишда намунали тартибини яратиш, шунингдек кундалик тежамкорлик режимини амалга ошириш, коммунал хизматлардан оқилона фойдаланиш ва иситиш даврини авариясиз ўтказиш.

Юқорида санаб ўтилган жиҳатлар ҳарбий шаҳарчаларнинг инфратузилмаснини келгусида такомиллаштириш, ётоқхона-тураржой фонди ва коммунал иншоотларнинг техник эксплуатациясини ташкиллаштириш бўйича илғор тажрибаларни умумлаштириш ва тарқатиш, ҳарбий шаҳарчалар ҳудудларини сақлаш, Мудофаа вазирлиги шахсий таркибининг хизмат бурчини ўташи учун қулай шароитларни яратиш имкониятларни беради.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти