“Йиғин” сигнали бўйича ҳаракатланган ҳарбий хизматчилар психологик тўсиқлардан ўтишди

71

Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда батальон тактик гуруҳи ҳарбий хизматчилари билан узоқ масофага пиёда юриш ва ҳужум давомида ўзини қўлга олиш ва муносиб ҳаракат қилиш амалиётлари бўйича машғулот ташкиллаштирилди.

Шахсий таркиб “Йиғин” сигнали бўйича ҳаракатланиб, қўйилган вазифаларни моҳирлик билан бажаришга киришди. Аввало пиёда ҳаракатланиш давомида ҳарбий хизматчилар турли хилдаги мураккаб тўсиқлардан ўтиш, пистирмаларни эпчиллик билан енгиш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш бўйича ўз тажрибаларини оширдилар.

Шу билан бирга, шартли душман кучларини яксон қилиш, қўққисдан ҳужум пайтида жипслаша олиш қобилияти ҳам текшириб кўрилди.

Ҳаракатлар якунида жанговар таркиб яна бир бор ўз маҳорати ва руҳий барқарорлигини ишга солиб, психологик тўсиқлардан ўтказилди.

Албатта, бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад шахсий таркибнинг руҳий чидамлилик даражасини ошириш, мақсадга эришиш иштиёқини шакллантириш, ҳар қандай вазиятларда ҳам стрессни енгиб ўтишга ўргатишдан иборат.

Тошкент ҳарбий округи матбуот хизмати