Тош кўтариш спорт мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

82

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида ҳарбий хизматчиларнинг спорт ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, қўмондонликнинг Фарғона вилоятида жойлашган ҳарбий қисмида “Тош кўтариш” спорт тури мусобақаси бўйича қўшилма босқичи ўтказилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, шижоат-у иродасини синовдан ўтказувчи мазкур мусобақада Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятидан ташриф буюрган 30 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи 7 та вазн тоифасида ўзаро куч синашди.

Мусобақа иккита: даст кўтариш ва силтаб кўтариш босқичларида ўтказилди. Ҳакамлар томонидан мусобақа иштирокчиларининг чиқишлари одилона баҳолаб борилди.

Натижаларга кўра, яккалик баҳсларида шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, оддий аскарлар М.Тиллабоев, Н.Қўшматов, И.Худойназаров, кичик сержантлар Ў.Қурбонов, У.Бекназаров, Ж.Мирзабадалов ва майор Р.Носиров ўз вазн тоифаларида биринчи ўринни қўлга киритиб, бу борадаги маҳоратларини  намойиш этишди.

Умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Қамчиқ давонида жойлашган ҳарбий қисм жамоаси қўлга киритган бўлса, 2 ва 3-ўринга Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлар жамоалари сазовор бўлдилар.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда медаллар билан тақдирланди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати