Куч тузилмалари Амударё туманида махсус тактик ўқувини ўтказишди

114

13-14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида Қуролли Кучлар куч тузилмалари томонидан Манғит аҳоли яшаш пункти ҳавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус тактик ўқуви ўтказилди.

Ўқув машғулотида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий Гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек маҳаллий бошқарув органлари вакиллари иштирок этди.

Ўқувларнинг биринчи кунида кучишлатар тузилмалар ҳамкорлигида юзага келиши мумкин бўлган кескин вазиятни тўғри баҳолаш, уни ҳамкорликда бартараф этиш ва тезкор тадбирлар олиб бориш бўйича қарор қабул қилиш, бўйсунувчи бўлинмаларга вазифалар қўйиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Иккинчи куни шартли ноқонуний қуролланган гуруҳни қидириб топиш мақсадида аҳоли яшаш пунктида тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди. Унда аниқланган шартли ноқонуний қуролланган гуруҳни кучишлатар бўлинмалар билан ҳамкорликда қўршовга олиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ўқув машғулоти ташкил этилди.

Ўқувларда кучишлатар ҳудудий бўлинмаларнинг қўмондонликлари ҳам иштирок этди. Машғулотларни сифатли ва тезкор ўтказилишини таъминлаш учун Қуролли Кучлар куч тузилмаларида мавжуд махсус техникалардан фойдаланилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати