Бўлажак ҳарбий-тиббиёт мутахассислари  Ўзбекистон Соғлиқни  сақлаш музейига экскурсия уюштиришди

76

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари Қуролли Кучлар тиббиёт мутахассисларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курси тингловчилари билан ҳамкорликда “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш музейига экскурсия уюштирди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, музейда “Абу Али ибн Сино”, “X-XI асрларда Шарқ тиббиёти тарихи (Маъмун академияси)”, “XIX аср охири – XX аср бошида тиббиёт тарихи”, “Иккинчи жаҳон уруши даврида (1941-1945 йй.) соғлиқни сақлаш тарихи”, “XIX аср охири – XX аср бошида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тарихи”, “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар тўғрисида (1991-2018)”, “Инсон соғлиғи гигиенаси, тарихи ва ҳозирги куни” каби экспозиция заллари мавжуд.

Экскурсия иштирокчилари экспозиция залларида тиббиёт тарихининг турли даврларига хос қадимий қўлёзмалар, доривор ўсимликлар тавсифи, уларни тайёрлаш учун мўлжалланган идишлар, тиббий асбоб-ускуналар, шифокорлар буюмларини томоша қилиб, соҳа тараққиёти хусусида ўзаро фикр-мулоҳаза алмашдилар.

Эслатиб ўтамиз, мазкур музей 1973 йилда Абу Али ибн Сино таваллудининг 1000 йиллиги арафасида ташкил топган. Унга 1984 йилда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг йирик ташкилотчиси бўлган профессор Қаюм Зоиров номи берилган.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти