Мудофаа вазирлиги тизимидаги бир гуруҳ ҳарбий тиббиёт мутахассислари тақдирланди

159

“Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан Мудофаа вазирлиги тизимида фаолият юритаётган ҳарбий тиббиёт мутахассислари иштирокида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида тантанали тадбир ўтказилди.

Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул  вакиллари, ҳарбий шифокорлар, ҳамширалар иштирок этган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Сўзга чиққанлар замонавий тиббиётнинг истиқболлари ҳақида сўз юритди. Шу кунгача ҳарбий тиббиёт соҳасида амалга оширилган улкан ислоҳотларни  эътироф этишди. Бунда тиббиётнинг ривожи ва тараққиётида жонкуяр соҳа ходимларининг хизмати, ҳиссаси беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Тадбирда бир гуруҳ фидойи тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига биноан “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси”, Мудофаа вазирининг буйруғига асосан “Ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун”, “Намунали хизмати учун” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Шунингдек, бир гуруҳ ҳарбий тиббиёт мутахассисларига навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди. Мудофаа вазирлиги тизимида ўтказилган “Энг илғор ҳамшира” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва  рақс ансамбли хонандалари ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ижросидаги концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти