Ҳарбийлар иштирокида “Устоз-шогирд анъанаси” бўйича тадбир ўтказилди

36

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида ҳарбий хизматчилар иштирокида “Устоз-шогирд анъаналари амалда” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда қўшинлар қўмондонининг ўринбосари полковник Сарвар Мамаюсупов ва подполковник Худаёр Қаландаров сўзга чиқиб, устоз-шогирд анъаналарининг ҳарбий хизматдаги ўрни, ёш ҳарбий хизматчиларнинг хизмат лавозимида шаклланишидаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида, кўп йиллик хизмат тажрибасига эга, ўз тиришқоқлиги, меҳнати, жонкуярлиги ва ватанпарварлиги билан ёшларга шахсий намуна бўлиб келган подполковник Абдуқаюм Азимовни пенсияга кузатиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Қўшинлар қўмондони ва ҳарбий хизматчилар бу инсоннинг тажрибаси-ю малакаси ўрганса арзирли эканини таъкидлаб, қўмондонликнинг биринчи фахрий пенсионери эканини алоҳида эътироф этдилар.

“Ҳар бир йигит ёшлигидан ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилади. Мени ҳам орзуларим ҳарбийликка етаклаб келган. Кўз очиб юмгунча хизмат йиллари ҳам ўтиб, мана пенсия маррасига етиб келдим. Шогирдлар тайёрладим, ўз билим ва тажрибамни қўлдан келганча ўргатишга ҳаракат қилдим”, – дейди подполковник Абдуқаюм Азимовнинг ўзи.

Тадбир давомида дастлабки ва навбатдаги ҳарбий унвон олган ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати