​Ёзувчилар уюшмасида ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданияти муҳокама қилинди

237

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ҳарбий қисмларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш ва уларни юксак савияда адабиётлар билан таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Олий Мажлис сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда сенат аъзолари, тегишли вазирликлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда ҳарбий қисмларда ўз хизмат бурчини ўтаётган ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, дунёқарашини юксалтириш, улар қалбида ўз Ватани, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш мақсадида китобхонлик маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Олий Мажлис сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Халқ шоири Иқбол Мирзаалиев, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ўзларининг бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина 2017 йил давомида ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарига “Ижод” жамоат фонди томонидан 7700 дан зиёд, Ёшлар иттифоқи томонидан қарийб 6000 та, Ёзувчилар уюшмаси томонидан эса 1400 дан ортиқ бадиий адабиётлар тақдим этилган. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан “Аскар кутубхонаси” сериасида замонамиз қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолиятига оид адабиётларни чоп этиш ишларининг йўлга қўйилгани ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. “Энг яхши китобхон” ва “Китобхон посбон” танловларининг ўтказилиши эса уларнинг бадиий ва маърифий савияси ўсишига хизмат қилмоқда.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати