Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа вазирлари ўзаро ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади

221

Аввалроқ Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов раҳбарлигидаги ҳарбий делегация Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Озарбайжонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Бугун, 29 октябрь куни генерал-майор Баҳодир Қурбонов Озарбайжон мудофаа вазири генерал-полковник Закир Гасанов билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Учрашув давомида ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа идоралари раҳбарлари 2020 йилга мўлжалланган икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасини имзоладилар.

30 октябрь куни Боку шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Унда Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг мудофаа идоралари раҳбарлари иштирок этади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти