​Мудофаа вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди

232

19 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги томонидан “Профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар”, “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган имтиёзлар”, “Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат – имконият ва қулайликлар” мавзуларида ўтказилган матбуот анжуманида мутахассислар томонидан ОАВ ходимларига маълумотлар берилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида жорий йилда Халқаро армия ўйинларининг 13 та турида Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари иштирок этиши ҳамда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг номи ўзгартирилиб, эндиликда Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти, деб аталиши ҳақида айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, охирги ойларда мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ этиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялашда бир қанча ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 14 майдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Мудофаа вазирлигининг ўнта энг илғор авиация мутахассисига Тошкент шаҳридан уй-жой ажратиш тўғрисидаги тақдимномани кўриб чиқади ва ўз касбининг фидойилари бўлган ҳарбий учувчилар Мудофаа вазирлигига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан уй-жой билан таъминланади.

Жорий йилда яна бир муҳим ҳужжатнинг имзоланиши ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини олий таълим ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун ҳам қўшимча имконият яратди. Қарорга мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг шартнома бўйича хизмат қилаётган офицер, сержант ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари учун: давлат гранти асосида таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари республика олий таълим муассасалари учун – 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси; олий ҳарбий таълим муассасаларига бакалавриат учун курсантларнинг умумий қабул сонидан 5 фоизлик квота ажратилади.

Муҳим имтиёзлардан яна бири сифатида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини келтириш жоиз. Унга кўра, Мудофаа вазирлигининг жанговар қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмаларининг офицерларига ҳамда сержантлар ва оддий аскарлар таркибининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларига ҳар бир ҳарбий қисмдан
10 нафаргача кишига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этилишини кўрсатиш жоиз.

Ҳукуматимиз томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик, миллий армиямиз қурилиши ҳамда такомиллашувида ижтимоий ҳимоя масаласидаги аниқ позиция, хавфсизлик ва барқарорликнинг, чегараларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигининг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи ва ишончли кафолати бўла оладиган Қуролли Кучларни шакллантиришга хизмат қилади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати