“Ичан Қалъа” мажмуасида Сержантлар форуми ўтказилди

372

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонлиги ташаббуси билан Хоразм ва Хива шаҳридаги тарихий мажмуаларида икки кунлик Сержантлар форуми бўлиб ўтди.

Хоразм шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди хайкали пойига гулчамбар қўйишдан бошланган форумнинг биринчи куни кичик командирлар таркиби, Урганч шаҳридаги “Темурбеклар” мактаби ўқувчилари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Хоразм шаҳридаги тарихий ва диққатга сазовор жойлари (“Авесто” ва “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуаси, Урганч Давлат тарихи музейи ҳамда Комилжон Отаниязов ижод маркази)га экскурсия уюштирилди.

Тадбирнинг иккинчи кунида Нукус гарнизони офицерлар уйи оркестри жамоаси Хива шаҳридаги “Ичан Қалъа” мажмуасида иштирокчиларни жанговар куй ва қўшиқлар билан қарши олди. Унда ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарход Ортиқов, Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов, Урганч Давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди Қудрат Машарипов ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Гавҳар Ибодуллаева сўзга чиқиб, бошланғич бўлинмаларда мустаҳкам ҳарбий интизомни сақлаш ва соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни қарор топтириш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини бойитиш масалаларида офицерларнинг яқин маслакдоши бўлмиш сержантларнинг роли янада ошиб бораётгани, бугунги кунда миллий армиямизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, ўтган йилда бўлиб ўтган “АРМИИ–2017” халқаро мусобоқасида иштирок этиб, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг шарафини муносиб ҳимоя қилган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар Азизбек Юнусов ( “Мерганлар марраси” танлови), Зиёд Ибрагимов (“Қўшин разведкаси аълочилари” танлови) ва кичик сержант Сапарбой Даулетназаров (“Қуролсоз уста” танлови) каби илғор сержантлар эътироф этилди.

Форум якунида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар “Жанговар тайёргарлик аълочиси”, “Энг илғор спортчи”, “Энг илғор ҳарбий техника мутахассиси”, “Энг илғор таъминот мутахассиси”, “Энг яхши китобхон сержант” ҳамда “Маънавий-маърифий тайёргарлик аълочиси” номинация йўналишларида тақдирланишди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати