Ҳарбий қисмда университет профессори иштирокида ўқув-услубий семинар ташкил этилди

14

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмда «Ўзбекистон Республикаси ташқи ва хавфсизлик сиёсатида қўшни давлатлар омили» мавзусида ўқув-услубий семинар ташкиллаштирилди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Иномжон Бобоқулов ўз маърузаси давомида қисм шахсий таркиби офицерлари ва ҳарбий хизматчиларга видео ҳамда фотослайдлардан иборат ўқув дастурларини намойиш этди.

Профессор Иномжон Бобоқулов йиғилганларга мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолияти концепциясида таъкидланганидек, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши Марказий Осиё минтақаси бўлиб, мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари бу минтақа билан чамбарчас боғлиқлиги, Марказий Осиёнинг муаммолари ташқи кучларнинг аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилмоғи зарурлиги ҳақида қўшни давлатлар билан олиб борилаётган ҳар томонлама алоқалар мисолида кенг қамровли маълумотларни етказди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ҳарбий иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритиши ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслиги, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қуймаслиги, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини, аҳолининг тинч хаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида тузилиши ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслиги, мафкуравий қарашлардан қатъи назар, ҳамкорлик учун очиқлик, умум эътироф этилган халқаро норма ва принципларга содиқлик, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш каби давлатимизнинг ташқи ва миллий хавфсизлик сиёсатининг асосий принципларига яна бир марта эътиборни қаратди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ва хавфсизлик сиёсатида қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам ҳарбий хизматчилар эътиборига фотослайд орқали намойиш этилди.

«Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз» ва «Хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш, «хавфсизликнинг бўлинмаслиги» тамойилига амалда риоя қилиш зарур» мавзулари маъруза давомида ҳарбий хизматчилариа яна бир бор кенг ёритиб берилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти