Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида Давлат тилига бағишланган маънавий-маърифий кеча ўтказилди

10

Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида «Тил бор экан, миллат барҳаёт» номли маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Тадбир давлатимиз мадҳиясини жўр бўлиб куйлаш билан бошлангани ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Унда вазирлик масъул офицерлари, Қуролли Кучлар хизматчилари, фахрийлар ҳамда элимиз ардоғидаги зиёлилар, шоир ва ёзувчилар иштирок этиб, байрамона тадбир қатнашчиларини яқинлашиб келаётган миллат байрами билан самимий табриклади.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Она тилимизга бўлган бу қадар юксак эътироф ва эътибор ҳар бир ватандошимиз қалбига чексиз ғурур ва ифтихор бахш этади.

Қарорда қайд этилганидек, мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

– Мен ҳарбий хизматчиларнинг ҳақиқий ватанпарвар шахс эканликларига яна бир бор амин бўляпман, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ. – Боиси, камдан-кам тадбирлар давлатимиз мадҳиясини куйлаш билан бошланади. Аввал ҳам кузатгандим, тасдиқ сифатида ёнимда ўтирганлардан сўраб олдим. Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳар бир тантана, албатта, Ватан мадҳини куйлаш билан бошланар экан. Давлатимизнинг ҳар бир фуқароси учун тааллуқли бўлган ушбу байрам барчамиз учун қадрлидир.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Гулистон» журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов ҳам сўзга чиқиб, миллат кўзгуси бўлмиш она тилимиз ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти