Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳарбий қисмга ташриф буюрди

46

 Тошкент ҳарбий округига қарашли Ангрен шаҳридаги ҳарбий қисмга Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ташриф буюрди.

Меҳмонларга дастлаб ўқ-дори сарфламасдан душманни “мавҳ” қилиш бўйича амалий машғулот кўрсатилди. Унда ҳарбий хизматчилар шартли душманни воқеа жойида тезкорлик билан йўқ қилиш жараёнларини кўрсатиб беришди.

Айни пайтда ҳарбий қисмларда жорий этилган аусторсинг хизмати ушбу ҳарбий қисмда ҳам фаолият юритиб, юрт посбонлари дастурхонига миллий ва бошқа хил таомларни тортиқ этмоқда. Яқиндагина капитал таъмирдан чиққан ҳарбий қисм ва унинг ошхонаси Жамоатчилик кенгаши вакилларида илиқ таассурот қолдирди. Ёруғ, озода, шинам ва замонавий кўринишга эга ошхонадаги овқатланиш рациони, витаминга бой хилма-хил егуликлар борасида уларга маълумотлар берилди. Шундан сўнг меҳмонларга Д-30 артиллерия техникасининг имкониятлари ҳақида ахборот берилди.

Шу куни бадиий, тарихий ва электрон китобларни ўзида жамлаган ҳарбий қисм кутубхонасида ҳамда анжуманлар залида ҳарбий хизматчилар билан учрашув бўлди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Алишер Ҳамроев, Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Мажид Умаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кино режиссёр, Шавкат Маҳбубов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳозирда Жамоатчилик кенгаши томонидан бажарилаётган ишлар, ҳарбий қисмлар билан қилинаётган ҳамкорлик натижалари, ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар борасида фикр юритишди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти