Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида Давлат тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

11

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ва унинг таркибий бўлинмаларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари иштирокида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Ушбу санага бағишланган тадбирлардан бири қўмондонлик бошқарув аппарати ва унинг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлари ҳарбий хизматчилари иштирокида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим” мавзусида ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан давлат тилида ёзилиб, ҳар бир сатрида жонажон Ватанимизни, унинг олтин водийлари-ю, бепоён кенгликларини, шунингдек халқимизга хос гўзал фазилатларни тараннум этувчи Давлат мадҳияси билан бошланди.

Шундан сўнг, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири, филология фанлари номзоди Султонмурод Олимов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчиларга дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли бўлиб, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган бебаҳо маънавий бойлик ва буюк қадрият экани хусусида сўзлаб берди.

Мудофаа вазирлиги Маънавият ва махрифат маркази ҳузуридаги  “Турон” ҳарбий давлат театри актрисаси Жамила Ғофурова ҳам она тилимизда саҳналаштирилган тарихий ва замонавий асарлардан парчалар ижро этиб, барчага хуш кайфият улашган бўлса, “Марварид” болалар студиясининг миллий рақслари тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Тадбир давомида нафақат санъат ва ижод аҳли, балки ҳарбий хизматчилар ва уларнинг фарзандлари ҳам ўз ижод намуналари билан иштирок этдилар, хусусан кичик сержант Бекзод Йўлдошев она тилимизда битилган шеърларидан намуналар ўқиб берди, қўмондонлик ҳарбий хизматчисининг фарзанди Азизжон Аҳмаджонов томонидан миллий чолғу асбобларида куйлар ижро этилди.

Ўтказилган тадбир ҳарбий хизматчиларнинг она тилимизга бўлган эътиборини янада кучайтиришга, уларга ўзбек тилининг бор гўзаллигини намоён этиб, шу тилда чиройли сўзлашиш ва тўғри ёзиш одобини шакллантиришга хизмат қилди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати