Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тайинлов

69

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг моддий-таъминот бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келган подполковник Реджапов Баҳодир Мамиржонович Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг моддий таъминот бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Баҳодир Реджапов 2001 йилда олдинги Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртини тамомлаган. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг моддий-таъминот бўйича ўринбосари лавозимини 2018 йилнинг февраль ойидан бери эгаллаб келган. Хизмати давомида қўшинларда қўмондонлик лавозимларида хизмат қилган.  Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг моддий таъминот бўйича ўринбосари лавозими шу вақтга қадар вакант бўлиб келган.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги подполковник Баҳодир Реджаповга садоқати, фидойилиги, хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятлилиги учун миннатдорчилик билдириб, юқори лавозимда зафарлар тилайди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати