Мудофаа вазири Қирғизистон ҳарбий делегациясини қабул қилди

354

12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Абдусалом Азизов Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-майор Райимберди Дуйшенбиев бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.

Учрашув давомида мудофаа соҳасида ўзбек-қирғиз ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек ҳарбий йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Томонларнинг диққат марказида Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш долзарб вазифа экани таъкидланди.

Мудофаа вазири А. Азизов 2017 йил сентябрь ва декабрь ойларида Қирғизистон Республикаси президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифлари икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлиб қолганини айтиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мутақиллик йилларида қўшни Қирғизистон билан дўстлик муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бериб келмоқда, мамлакатлар ўртасида яқин қўшничилик алоқаларни юксак қадрлайди. Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик масалаларининг мустаҳкамлиги бутун Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси 250 млн. АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ташкил этади.

Ўзбекистон ҳудудида қирғиз капитали иштирокидаги 57 та корхона фаолият юритаётган бўлса, Қирғизистонда 51 та Ўзбекистон резидентлари иштирокидаги корхона ташкил этилган.

Мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар соҳада ҳам фаол рифожланиш кузатилмоқда. Бунга ортда қолган йилнинг 6-7 октябрь кунлари Бишкек ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилгани мисол бўла олади.

Учрашув давомида икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида мудофаа соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 2018 йилга ҳамкорлик режаси имзоланди.

“Ишончимиз комилки, ҳарбий соҳадаги мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базанинг яратилиши, қуролли кучларимиз учун аҳамиятли бўлган икки томонлама тадбирларни режалаштириш ва ўтказишни амалга оширишга ёрдам беради. Уларнинг жанговар шайлигини кучайтиришда ўзига хос “тайёрлов майдони”ни ўтаб, нафақат икки мамлакат хавфсизлигини, балки бутун минтақадаги барқарорликни сақлашга хизмат қилади”, – деди ўз нутқида Ўзбекистон мудофаа вазири.

Меҳмонлар, шунингдек, Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда замонавий ёндашувлар билан яқиндан танишишди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати