Мудофаа вазирлиги миқёсида илк бор ўтказилган «Разведка рейди» мусобақаси якунига етди

35

Мудофаа вазирлиги разведкачилари ўртасида илк бор «Разведка рейди» мусобақаси ўтказилди. Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида разведка бўлинмалари ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада вазирликнинг барча ҳарбий округ ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 11 та жамоа иштирок этди.

Бугунги кунда миллий армиямизнинг нуфузи тобора ортиб боряпти. Хусусан, ҳарбий хизматчиларимиз қатор давлатларнинг армиялари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ўқув машғулотларида, шунингдек, халқаро ҳарбий мусобақаларда нималарга қодир эканлигини амалда исботламоқда. Жумладан, разведкачиларимиз 2018 йили Буюк Британияда 133 та жамоа иштирок этган «Кембрия патрули» мусобақасида 1-ўрин, жорий йилда V халқаро армия ўйинларида 8та жамоа ўртасида 2-ўрин, яқинда Қозоғистонда ўтказилган «Олтин укки» мусобақасида эса, 2-ўринни қўлга киритди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар мазкур ютуқларни алоҳида таъкидлар экан, ушбу мусобақада иштирок этаётган жамоалар орасидан ҳам ана шундай иқтидорли, билимли ва юксак салоҳиятли юрт ҳимоячилари сараланишига ишонч билдирди.

Таъкидлаш керакки, мазкур мусобақа уч босқичда ўтказилди. Дастлаб, ҳарбий қисм, сўнгра ҳарбий округ миқёсида ғолиб бўлган жамоалар якуний босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Якуний босқичда эса улар 10та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

Дастлаб гуруҳларнинг белгиланган ҳудудга чиқиш ва жанговар вазифани бажаришга шайлиги кўздан кечирилгач, ҳарбий хизматчилар 7,5 километрлик масофага оғирлиги 35 килограмга яқин бўлган юк қопи билан марш юришди. Машғулот шартига кўра, ҳар бир жамоа юқори қўмондонликдан берилган махсус вазифаларга асосан шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва қарор ишлаб чиқиш вазифаларини бажарди.

Шунингдек, марш юриш давомида миналаштирилган йўлаклардан беталофат одимлаш, жангда яраланган ҳарбий хизматчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни бир ярим километр масофага эвакуация қилиш синовларидан ўтди. Беморга жгут, боғлов, оғриқ қолдирувчи укол ва шина қўйишда жамоалардаги фельдшернинг маҳорати яққол намоён бўлди. Шундан сўнг уч километр узоқликдаги жойлашув ҳудудига етиб бориш, у ерда қўриқлов ўрнатиш ва гуруҳ шахсий таркибига вақтинчалик яшаш жойини ҳозирлаш, дала шароитидан келиб чиққан ҳолда, зарур имкониятлар яратиш сингари шартларни муваффақиятли адо этди.

Жамоаларнинг ҳар бир ҳаракати Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан тайинланган ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.

Саккиз кун давом этган мусобақада иштирокчилар белгиланган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, шартли душманнинг объектини яксон қилиш, 3 километр масофага югуриш, шартларидан ўтишди. Тоғли ҳудудда мураккаб тўсиқлардан ўтиш шартида иштирокчилар тик қояга кўтарилиш мобайнида тоғёнбағрида белгиланган махсус нуқталарга бармоқ теккизиб кетишди. Қоядан тушишда ҳам улар қисқа вақтдан унумли фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш кераклигини эътибордан қочирмади. Мусобақа шартлари босқичма-босқич оддийдан мураккаблашиб борди.

Реал жанговар вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилаётган мусобақа доирасида ҳарбий хизматчилар азимут бўйича ўн километр масофага ҳаракатланиш, кимёвий зарарланган ҳудудлардан ҳимояланиш, руҳий тайёргарлик йўлакларидан ўтишди.

Кўрик-танловнинг энг мураккаб шартларидан бири бу юз метргача масофадаги сувли тўсиқдан сузиб ўтишдир. Шартга кўра, ҳарбий хизматчилар ўзларига бириктирилган жанговар қурол-аслаҳа ва анжомлар билан мазкур тўсиқдан беталофат ўтиши лозим. Бир-бирини ҳимоя қилган ҳолда ҳаракатланган Ватан ҳимоячилари мазкур вазифани ҳам белгиланган вақт давомида босиб ўтдилар.  Сўнгра экипировка кўригида уларнинг компас, газниқоб, қўл гранатаси, болта, мина ҳудудини кўрсаткич мослама, бинокль, фонар, планшет, плаш палатка сингари анжомларининг бутлиги текширилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликлари, касбий кўникмалари бўйича назарий билимлари ҳам синовдан ўтказилди.

Шу тариқа қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда кечган мусобақа ўз ниҳоясига етди. Якуний натижаларига кўра, биринчи ва иккинчи ўринларни Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли жамоалар қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоасига насиб этди. Ғолибларга диплом, кубок, медал ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор гуруҳ командири ўринбосари», «Энг илғор разведкачи», «Энг илғор алоқачи», «Энг илғор мерган», «Энг илғор портлатувчи», «Энг илғор фельдшер» йўналишлари ҳамда «Ғалабага бўлган интилиши, иродаси ва фаол иштироки учун» номинацияси бўйича ғолиблар аниқланиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан рағбатлантирилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти