​Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ҳарбийлар оилалари ўртасида биринчи маротаба танлов ўтказилди

255

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги Мудофаа вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги қоравул қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари оилалари ўртасида М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали биносида биринчи марта “Нуманали ҳарбийлар оиласи” кўрик-танлови ўтказилди.

Тошкент шаҳри ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда ташкил этилган танловда Миробод туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари иштирок этди. Таништирув, ошхона қироли, заковат, саҳна кўриниши ва эркин мавзудаги бешта шарт бўйича ҳар бир оила ўз маҳоратини намойиш этди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси сержант Шухрат Давлатовнинг оиласи илк шартданоқ танловдошларига нисбатан пухтароқ тайёргарлик кўрганини кўрсатди. Тадбир охирига бориб айнан шу иштирокчи ғолиб, дея эълон қилинди. Иккинчи ўрин сержант Музаффар Мадалиев (Мудофаа вазирлиги) оиласига, учинчи ўрин эса сержант Женис Тулепбергенов (Ички ишлар вазирлиги) оиласига насиб этди.

Ғолиблар ва иштирокчи жамоалар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати