Ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида огоҳлик бўйича учрашув ўтказилди

38

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм томонидан Юнусобод туманидаги 122-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир  ўқувчи ёшларни диний экстремизм, терроризм ва бошқа ёт иллатлар таъсиридан асраш масалаларига бағишланди.

Юнусобод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Юнусобод туманидаги «Оқтепа» жоме масжиди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мутахассисларнинг «Диний экстремизм ва терроризм – жамият тараққиётига таҳдид», «Ёшлар орасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жиноятчиликни бартараф этишга ҳисса қўшади», «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари» мавзусидаги маърузалари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Огоҳ одам! У ким? У мен, у сиз, у – олам осойишталигини ўйлайдиган, тинчликни таъминлашга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Азиз Умрзоқов. – Огоҳ одам ўзи, оиласи, жамият ва дунёни иллатлардан асрайди, ҳар қадамини ўйлаб босади. Шу боис, ўқувчи ёшларни теварак-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан огоҳ ва ҳушёр этиб камол топтириш, ватанпарварлик, мардлик, она юртга садоқат руҳида тарбиялаш ҳозирги кундаги долзарб вазифамиздир. Бу йўлда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш, спортга жалб этишга қаратилган тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Турли савол-жавобларга бой ва қизғин руҳда ўтган очиқ мулоқотда муродидан адашган ёшлар қисмати акс эттирилган «Пушаймон» номли видеофильм намойиши барчанинг диққат-эътиборини тортди.

– Видеофильмда билиб-билмай диний мутаассиб оқимлар фаолиятига қўшилиш оқибатида суд курсисида наинки ўзи, балки ота-онаси, барча яқинларининг юзини шувут қилган тенгқурларимни кўриб, уларнинг аччиқ қисматига ачиндим, – дейди Юнусобод туманидаги 122-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Асилбек Аъзамов. – Шукрки, гўзал, осойишта ва жаннатмонанд элимизда эмин-эркин яшаяпмиз, ўқиш, ишдан кўнглимиз тўқ. Айрим мамлакатлардаги каби ҳар дақиқамиз қўрқув, даҳшат исканжасида эмас. Бу бахтни асрамаслик пушаймонликка муқаррар этиши тайин. Бундан тўғри хулоса чиқариб, вақтимиз ва кучимизни эзгу мақсадлар сари Ватан равнақи йўлида сафарбар этамиз.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати