Квота асосида ўқишга қабул қилинган ҳарбийларнинг фарзандлари билан давра суҳбати ўтказилди

26

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг республика олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган фарзандлари билан давра суҳбати ўтказилди.

Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш аъзолари, хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассислар, талабалар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, жорий йилда Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг 927 нафар (2018 йилда 592 нафар) фарзандига тегишли намунадаги тавсиянома берилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг берган маълумотларига кўра, 2019 йили Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари фарзандларининг 408 нафари 5 фоизли квота асосида тегишли тавсиянома билан ўқишга қабул қилинди.

Шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касаллик оқибатида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг 73 нафар фарзанди олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ўсганини ифодалайди.

– Ватан тинчлиги ва осойишталигига ҳисса қўшиш йўлида хизмат қилаётган дадам билан фахрланаман, – дейди Тошкент давлат педагогика университети талабаси Азизхон Баҳодиров. – Болаликдан ҳарбий бўлишни кўнгилга тугган эдим. Жорий йилда тегишли тавсиянома ва кириш имтиҳонларидаги юқори балларим билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ҳарбий таълим факультетида давлат гранти асосида ўқияпман. Давлатимиз ҳамда ота-онамнинг ушбу ишончини келгусида аъло ўқишим ва Ватан равнақи йўлидаги хизматим билан оқлайман.

Тадбир якунида Мудофаа вазирлиги махсус авария-тиклаш бошқармаси ансамбли намойиш этган дилтортар концерт дастури барчага манзур бўлди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти