Мудофаа вазирлиги аутсорсинг ташкилотлари ўртасида танлов ўтказилди

388

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги томонидан аутсорсинг тизимида хизмат кўрсатаётган корхоналарни рағбатлантириш ва уларни муносиб тақдирлаш мақсадида “Энг сифатли ва фаол аутсорсинг” кўрик-танлови ўтказилди.

Унда ҳарбий хизматчилар, аутсорсинг корхона раҳбарлари ва ошпазлари, ҳарбий қисм ва муассаса бошлиқларининг моддий таъминот бўйича ўринбосарлари, ҳарбий қисм озиқ-овқат хизмати бошлиқлари, ҳарбий оркестр ва халқимиз севган санъат усталари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Қўшинларни озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича биринчи марта «Autsorsing»  тизими жорий қилинди. Аутсорсинг дегани шуки, ҳарбий хизматчиларга кунлик овқат тайёрлаб бериш билан энди армиянинг ўзи эмас, балки мустақил ташкилотлар шуғулланади. Бу ишни ташкил қилиш жойлардаги ҳокимиятларга топширилади. Бундай тизимнинг жорий этилиши шахсий таркибни унга хос бўлмаган вазифалардан озод қилиб, ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини ўз профессионал малакасини оширишга қаратиш имконини беради».

– Бугун бутун жамиятимизда бўлгани каби армия ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар, янгиланишлар юз бераяпти. Буларнинг барчаси кишиларда эртанги кунга ишонч туйғуларини ошириб, фидокорона меҳнат қилишга ундайди, – дейди Қуролли Кучлар академияси озиқ-овқат хизмати бошлиғи майор Нодирбек Мамасодиқов. – Биз учун янгилик бўлган аутсорсинг тизими ҳам ўзининг янги имконият ва кўламларини намойиш қилиб бормоқда. Таъкидлаш керакки, истеъмолчилар фикри – бу тизимнинг нечоғли афзалликларга ва камчиликларга эга эканлигини белгилаб берувчи энг асосий мезонлардан биридир. Ушбу танлов барча иштирокчиларни яна бир бор сергаклантириб, ўзаро тажриба алмашиб, вазифаларини мукаммал бажаришларига кўмак бериши ва рағбатлантириши билан аҳамиятли бўлди.

Натижаларга кўра, “Энг сифатли ва фаол аутсорсинг” кўрик танловида “Улуғбек Сатторов” жамоаси 3-ўринни, “Азим траст сервис” 2-ўринни, “Саховат таом” жамоаси эса 1-ўринни эгаллади. “Энг сифатли ва фаол аутсорсинг” кўрик танловининг “Ошпазлар” мусобақаси босқичида Фурқат Мирмаҳмудов 3-ўринни, Маҳмуд Дўстматов 2-ўринни, Бахтиёр Холиқов эса 1-ўринни қўлга киритди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати