Урганч шаҳрида “Амир Темур авлодлари” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди

359

Урганч шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида Мудофаа вазирлиги таассаруфидаги ҳарбий-академик лицейлар (“Темурбеклар мактаби”) ўқувчилари ўртасида “Амир Темур авлодлари” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди. Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчилар иштирок этди.

Уч кун давом этган мусобақада иштирокчилар турник тортиниш, 100 ва 3000 метрга югуриш, ҳарбий эстафета, граната улоқтириш, арқон тортиш каби шартлар бўйича беллашди. Ҳарбий эстафета шарти, айниқса барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жанговар тайёргарлик элементларини ўзида мужассам этган мазкур шартда ғолиб бўлиш қатнашувчи жамоаларнинг барча аъзосига бирдек боғлиқ бўлди. Бунга кўра, “Тревога” сигнали бўйича уйғониб, уст-бош кийимини тезда кийиши ва белгиланган масофани тезкорлик билан босиб ўтиш, патруль постида хизматни ўташ, заҳарланган ҳудудда ҳимоя воситалари билан ҳаракатланиш, 16 кг оғирликдаги ўқ-дори қутисини белгиланган маррага етказиш ҳамда мерганлик ва гараната улоқтириш (нишонга тегмагунча давом эттирилади) каби машқлар бажарилди.

Умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Урганч, 2- ва 3-ўринлар эса Самарқанд ва Фарғона “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларига насиб этди. Ғолиб жамоалар Мудофаа вазирлигива Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Хоразм вилояти бўлими томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ҳарбий спорт мусобақасида якка тартибда юқори натижа кўрсатган ҳарбий-лицей ўқувчилари Элдор Эгамберганов ва Салимжон Жўрабоев (тортиниш машқини 34 маротаба бажарди) ҳамда 51,28 метр масофага граната улоқтирган ҳамда 11,6 сонияда 100 метрни югуриб ўтган Икром Файзуллаев ҳамда 3000 метрга югуриш бўйича танлов рекордини қайд этган (9,38 дақиқа) Музаффар Темировга Мудофаа вазирлигининг эсдалик дипломи топширилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати