“Фориш” тоғ полигонида Мудофаа вазирлиги миқёсидаги навбатдаги чемпионат ўтказилди

384

Жорий йилнинг апрель ойидан сентябрь ойига қадар МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари доирасида ҳарбий-амалий спортнинг 7 та тури бўйича мусобақалар ўтказилиши ҳақида олдин хабар берилган эди.

Яқинда Жиззах шаҳридаги “Фориш” тоғ полигонида ҳарбий-амалий спортнинг “Офицерлар учкураши” ҳамда “МП-3 ва КА-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш” турлари бўйича МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасидаги халқаро мусобақада иштирок этиш учун Мудофаа вазирлиги терма жамоа таркибини саралаш ва танлашга бағишланган чемпионат бўлиб ўтди.

Мусобақада олий ҳарбий таълим муассасаларидан ҳамда ҳарбий қисмлардан саралашдан ўтиб, ҳарбий округ босқичи ғолиблигини қўлган киритган 100 нафардан зиёд ҳарбий хизматчилар иштирок этди. “Офицерлар уч кураши” баҳсларида иштирокчилар 100, 2000 ва 3000 метрга югуриш ҳамда пистолетдан отиш машқларини бажаришди. Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Тошкент ҳарбий округи, икки ва учинчи ўринлар Шарқий ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари вакилларига насиб этди.

МП-3 ва КА-3 қуролларидан отиш машқи шартларида кўрсатилганидек, чемпионат иштирокчилари томонидан 25 ва 100 метр узоқликда жойлашган нишонларга қарата белгиланган вақт оралиғида тик турганча, тиззалаб ҳамда ётган ҳолатда ўт очилди. Амалий отиш натижаларига кўра, пистолетдан отиш машқида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи вакиллари 1-ўрин, Марказий ҳарбий округ ҳамда Қуролли Кучлар академияси офицерлари 2 ва 3-ўринни эгаллади. Автоматдан отиш машқларида эса Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ офицерлари Д. Тўлаганов ва Р. Хамраев 1-ўринни қўлга киритди. Марказий ҳарбий округидан офицерлар З. Хазиев ва У. Ахмедов иккинчи, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ офицерлари Ж. Маҳмудов ва А. Саидов учинчи ўринларни банд қилди.

Чемпионат ғолиблари ва совриндорлари фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, МДҲ давлатлари дўстона армиялари ўртасида ҳарбий-амалий спорт турининг “Офицерлар уч кураши” ва “МП-3 ва КА-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш” мусобақанинг халқаро босқичи жорий йилнинг август ойида Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати