Мудофаа жангида техник таъминотни ташкиллаштириш бўйича илмий-амалий анжуман ўтказилди

23

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий қисми негизида муҳандис-техник таъминоти офицерлари билан “Мудофаа жангида техник таъминотни ташкиллаштириш” мавзусида техник илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Унда ҳарбий қисм командирларининг қурол-аслаҳа бўйича ўринбосарлари, ҳарбий қисм зирҳли танк хизматлари бошлиқлари, мотоўқчи ва танкчи бўлинмаларининг командирлари, уларнинг моддий техник таъминоти ва қурол-аслаҳа бўйича ўринбосарлари, взвод техниклари, таъмирлаш гуруҳи командирлари иштирок этди.

Тадбирда тактик бўғиндаги муҳандис техник офицерларнинг мазкур йўналиш бўйича улардаги танк техник таъминоти тадбирларини ташкиллаштиришда кўникмалар берилиб, мавжуд билимлари такомиллаштирилди. Хизмат фаолияти давомида танк техник таъминотини ташкиллаштиришда муҳим тажрибалар алмашилди.

Шунингдек техник таъминотни ташкиллаштиришда чет эл илғор тажрибаларини таҳлил қилиш, бевосита уларнинг тажрибаларини хизмат фаолиятига кенг тадбиқ этиш масалалари келишиб олинди. Келгусида ҳарбий техникаларни тайёрлаш, уларни ишончли ишлашини таъминлаш бўйича, сафдан чиққан қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни тиклаш борасида, ҳарбий мулк заҳирасини яратиш ва уларни тўлдириш тартиби тўғрисида ҳамда техник таъминот мутахассисларини мудофаа жангида бошқариш каби йўналишларда кенг қамровли тадбирлар ташкил этилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Aнжуманнинг амалий қисмида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникларни темир йўл платформасига юклаш ва тушириш тадбирларини тўғри ташкиллаштириш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда техник анжомларнинг сақланиши бўйича кўргазмали машғулотлар ўтказилди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати