Аскарлар ва ёшлар буюк саркарданинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишдилар

5

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилари ва Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги 38-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида Заҳириддин  Муҳаммад  Бобур  ҳаёти ва ижоди бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан бири, истеъдодли  давлат  арбоби, шоир  ва  адиб  Заҳириддин  Муҳаммад  Бобур  ҳаёти ва ижоди халқимизни, айниқса ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун хизмат қилиб келмоқда.

Тарихдан маълумки, Бобур тақдир тақозоси билан умрининг жуда кўп қисмини ўзга юртларда Ватан соғинчи билан ўтказишга мажбур бўлган, бу ҳақида унинг “Бобурнома” тарихий мемуар асаридан ҳам билиб олишимиз мумкин. Бундай асарларни мутолаа қилиш инсон маънавиятини янада юксалтиради, она Ватанни улуғлаш ва қадрлашга ўргатади.

Ўқувчи ёшлар ҳарбий акалари билан биргаликда “Бобурнома” асарининг мазмун-моҳияти, унда акс эттирилган воқеалар, асарнинг бадиийлиги, тарихий ҳаққонийлиги ва ўзига хослиги билан кишини мафтун этиши ҳақида фикрлашдилар. Шунингдек, асарда Бобурнинг ҳаёт йўли, Афғонистон ва Ҳиндистонга қилган юришлари, бу мамлакатларда яшовчи ҳалқларнинг маиший турмуши ва маданияти, табиати ва баъзи тарихий-сиёсий воқеалари юксак бадиият билан таърифланганини алоҳида эътироф этдилар.

Тадбир барчада, айниқса ҳарбий либосдаги йигитлар билан ёнма-ён ўтириб фикрлашган ёшларда катта тассурот қолдирди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати