“Ватанпарвар” маҳалласида китоб ярмаркаси ўтказилди

5

Бугун, 11 сентябрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округдаги ҳарбий шаҳарчалардан бирида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Нукус ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида китоблар ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу ярмаркада “Қувончбек-Машхура” китоблар дўкони томонидан 2000 дан ортиқ китоблар сотувга қўйилди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, муддатли ҳарбий хизматчилар ва 44 сонли умумтаълим мактабида таҳсил олаётган ўқувчилар  иштирокидаги ярмарка доирасида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари фалсафа фанлари номзоди Юсупбай Алимбетов ва шоир Жуманияз Ўтениязов билан ижодий учрашув ҳам ташкиллаштирилди.

Учрашувда ижодкорлар адабиёт сеҳри ва жозибаси хусусида фикрлар билдиришиб, ижод намуналаридан парчалар ўқиб эшиттирдилар. Шунингдек, ҳарбий қисмлардаги кутубхоналарга дастхатлари туширилган китоблардан ҳадя этишди.

– Бўш вақтларим жуда кўп бўларди, – дейди, сержант Шавкат Махмудовнинг турмуш ўртоғи Нигора Элмуродова. – “Ватанпарвар” маҳалламизда кутубхона фаолияти йўлга қўйилганлиги ва доимий равишда китоблар ярмаркасини уюштирилиши китобга бўлган қизиқишимни оширди ва бўш вақтимдан унумли фойдаланиб, китоблар мутолаасига ҳам вақт ажрата бошладим. Ҳар гал китоб ярмаркасида ўзимга ва ҳар бир фарзандимнинг ёшига мос китоблар харид қиламан. Ҳозирга келиб, китоб жавонимизда 100 га яқин китоблар ўрин олди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси юзасидан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ўзининг самарали натижасини кўрсатаётганлигини гувоҳимиз. Ҳарбийлар оилаларининг миннатдорона билдираётган фикрлари эса ушбу сўзларнинг амалий исботидир.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати