Бўлажак ҳарбий учувчиларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўкрак нишони топширилди

23

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртининг 66 нафар биринчи босқич курсантлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзоликка олинди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши, Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти мутасаддилари билан ҳамкорликда ташкил этилган тантанали тадбирда бўлажак офицерларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан яратилган шароитлар, берилиши кўзда тутилган имтиёз ва имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Курсантларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзолик гувоҳномалари топширилиб, кўкрак нишонлари тақиб қўйилди. Тадбир концерт дастурига уланиб, унда ижро этилган куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди. Шундан сўнг йиғилганлар билим юртининг ёшлар иттифоқи хонасига ташриф буюришди. У ерда ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ҳамда ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи томонидан курсантларга билим юртида яратилган бу қадар юксак даражадаги шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, чуқур билимга эга, малакали кадр бўлиб етишишлари лозимлиги, улар айни маънода юрт осмони мусаффолигининг ҳимоячилари эканига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, жамиятимизда мамлакатни ислоҳ қилиш, уни янада юксалтириш жараёнларида ҳал қилувчи куч ва таянч бўлишга қодир ёшларни шакллантиришга қаратилган десак, адашмаймиз. Зеро, ёшлар – эртанги кунимиз бунёдкорларидир.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати