Ҳарбий спортчилардан тўрт нафари дзюдо бўйича олимпиада йўлланмасига яқин турибди

18

Япония мезбонлик қилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати якунлангач Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Олимпиада рейтингини эълон қилди. Ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфуллаев рейтинг пешқадамига айланган. МВСК (Мудофаа вазирлиги спорт клуби) аъзоларининг ҳам ўрни ёмон эмас.

Юртимиз дзюдо мухлисларининг эътибори биринчи навбатда Шарофиддин Лутфуллаевга қаратилиши табиий, чунки у Япония мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиш билан бирга 1400 рейтинг очкосига эгалик қилди. Ундан олдин Будапештдаги турнирда чорак финалгача етиб борди, Загреб «Гран-при»сида эса ғолиб чиқди ва ушбу муваффақиятлари туфайли ўз ҳисобига 900 дан кўпроқ рейтинг очкосини қўшди.

Эндиликда унда 3607 рейтинг очкоси (бу ерда фақат Олимпиада рейтинги назарда тутиляпти, жаҳонники эмас) мавжуд ва 4-ўриндан кўтарилиб, пешқадамга айланди. Агар рейтингдаги шу ўрин, даража ёки ҳолат 2020 йил 25 майгача сақланса, қолаверса айни кунда рейтингда 810 очко билан 43-ўриндан 31-ўринга кўтарилган МВСК аъзоси Диёрбек Ўрозбоев уни қувиб етмаса, Шарофиддин «Токио – 2020» йўлланмасига эга бўлади. Ҳа, бир давлатдан бир вазнда икки нафар ёки ундан ортиқ дзюдочи йўлланма зонасида бўлса, Олимпиадага қайси спортчиси бориш масаласини мамлакат Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва федерация ҳал қилади.

Ушбу вазн тоифаси бўйича рейтингда Лутфуллаевдан сўнг 2-поғонани жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори қозоғистонлик Елдос Сметов (3510 очко) эгаллаган. Амалдаги жаҳон чемпиони грузиялик Лукхуми Чхвимиани эса 3386 очко билан кучли учликка якун ясаб берган. Шу кунга қадар рейтингни бошқариб келган япониялик дзюдочи эса янги рейтингда 4-ўринга тушиб кетди.

Шарофиддин рейтингдаги пешқадамлигини «Токио – 2020» олимпия ўйинларига қадар сақлаб қолишига ишонамиз. Ўзбекистон дзюдочиларининг яна 5 нафари бугунги кунда ХДФ рейтингида ана шундай йўлланма эгаси зонасида, уларнинг 3 нафари МВСК вакилларидир.

йўлланма зонасидаги ва бунга яқин дзюдочиларимиз:

-60 кг: 1(4) Шарофиддин Лутфуллаев – 3607 очко; 31(43), Диёрбек Ўрозбоев (МВСК) – 810 очко (йўлланма зонасида эмас);

-66 кг: 21(21) Сардор Нуруллаев (МВСК) – 1294 очко (йўлланма зонасида); 22(25) Шаҳрам Аҳадов – 1234 очко (йўлланма зонасида);

-73 кг: 17(13) Ҳикматиллоҳ Тўраев – 1376 очко (йўлланма зонасида);

-100 кг: 25(25) Муҳаммадкарим Хуррамов (МВСК) – 1131 (йўлланма зонасида);

+100 кг: 11(6) Бекмурод Олтибоев (МВСК) – 1744 очко (йўлланма зонасида).

Ҳа, ХДФнинг янгиланган рейтингига мувофиқ 66 килограммгача вазн тоифасида бир йўла икки нафар дзюдочимиз Олимпиада йўлланмаси зонасида, булар – 1294 очко билан 21-ўринни эгаллаган Сардор Нуруллаев (МВСК аъзоси) ва 1234 очко билан 25-ўринни банд этган Шаҳрам Аҳадов.

2020 йил 25 майгача дзюдочиларни XXXII ёзги Олимпиада ўйинларининг рейтинг очколари тақдим этиладиган яна бир қатор йирик турнирлар кутмоқда. Ушбу мусобақалар барчасини ўзгартириб, бугунги ҳолатни тамоман аксига ўгириб юбориши мумкин. Бу йўлда дзюдочиларимизга омад тилаймиз.

Расул ЖУМАЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти