Мудофаа вазирлиги “Фориш” полигонида халқаро ўқ отиш мусобақасига старт берилди

49

Кеча, 10 сентябрь куни Фориш тоғ дала-ўқув майдонида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш чемпионатига старт берилди.

Мазкур чемпионатда 6 давлат – Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларуссь ва Тожикистон республикасидан келган ҳарбий жамоалар иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда республикамизда халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ҳарбий соҳада олиб борилаётган халқаро ҳамкорлик масалалари ривожланишнинг янги босқичга кўтарилгани яққол кўзга ташланмоқда. Ҳарбий хизматчилар нафақат жанговар тайёргарлиги, балки жисмоний тайёргарлигида ҳам халқаро майдонда нималарга қодир эканини амалда исботламоқда.

Чемпионатнинг очилиш маросимида сўз олганлар ҳам бу борадаги ютуқлар ва эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлайди, балки ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстона муносабат, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бунга урғу берган маърузачилар барча иштирокчиларга муваффақият тиладилар.

Тадбир давомида Ватан ҳимоячиларининг жанговар тайёргарликни ўзида акс эттирган кўргазмали чиқишлари, ёшларимизнинг турли спорт йўнаишларидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оркестри жамоаларининг концерт дастури мусобақа иштирокчиларига кўтаринки кайфият бахш этди.

– Спорт тинчлик элчиси. МДҲга аъзо давлатлар ҳарбий хизматчилари ўртасида йўлга қўйилган спорт мусобақалари йилдан-йилга кенгайиб, янги натижа ва юқори кўрсаткичларни кашф қилмоқда. Ушбу мусобақалар навбатма-навбат ҳар бир мамлакатда ўтказиб келинмоқда. Бу эса ҳарбий хизматчилар учун соҳанинг янги билимларини ўзлаштириш, бу борадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, шунингдек дўстона мамлакатнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари билан ҳам танишиш имконини бермоқда, – дейди беларусслик иштирокчи подполковник Олег Малко. – Юртингизда биринчи маротаба бўлишим. Мусобақанинг ташкилий ишларига жиддий тайёргарлик кўрилгани бизни қувонтирди.

Шу куни мусобақага қуръа ташлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти