“Jangovar hamdo’stlikni mustahkamlashdagi xizmatlari uchun” кўкрак нишони таъсис этилди

221

Мазкур кўкрак нишони билан халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларини ҳал этишдаги хизматлари, Ўзбекистон мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи хизматчилари, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ҳамда хорижий давлат фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосарлари ва ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларининг тақдимномаси бўйича ёки вазир қарори асосида тантанали вазиятда топширилади.

Мукофотга сазовор бўлганларга кўкрак нишони билан биргаликда мудофаа вазири номидан фахрий ёрлиқ топширилади. Шунингдек, тақдирланган ҳарбий хизматчиларга (хорижий давлат фуқаролари бундан мустасно) энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдоридаги пул мукофоти берилади.

 

Кўкрак нишони ҳақида:

Кўкрук нишони кумуш ва тилла рангдаги металл қоришмадан тайёрланган бўлиб, бир-бирининг устига туширилган, умумий марказга эга, турли ўлчамдаги учта саккиз қиррали юлдуз шаклига эга. Нишоннинг олд томонида айлана марказидаги яшил фонда рамзий маънодаги қўл бериб кўришаётган тилла суви юргизилган қўл фрагментлари, мовий рангдаги глобус, Ўзбекистон харитаси ва кабутарлар тасвирланган; глобус атрофида – тилла рангдаги лавр новдаларининг рельефли тасвири акс этган; лавр новдалари атрофида – мовий фондаги оқ ҳарфлар билан айлана бўйлаб бир қатор қилиб ёзилган “Jangovar hamdo’stlikni mustahkamlashdagi xizmatlari uchun” ёзувини саккиз қиррали юлдуз ажратиб туради.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати