Қуролли Кучлар куч тузилмалари билан ҳамкорликда Сержантлар форуми ўтказилди

392

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи томонидан Қарши шаҳридаги Маданият ва аҳоли дам олиш маскани ва Нуристон дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Фавыулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда икки кунлик Сержантлар форуми ўтказилди.

Форум ишининг биринчи кунида Қарши шаҳри ҳарбий прокуратураси, вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар бўлими ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларидан вакиллар иштирок этиб, бугунги кунда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, оиладаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш омиллари, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тамойиллари хусусида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, бўлинмаларда ахлоқий-руҳий муҳит ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда кичик командирларнинг тутган ўрни ва роли, улар томонидан эришилаётган ютуқ ва камчиликлар, аскарлар ҳамда шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларни маънавияти ва жанговар тайёргарлигини янада оширишда инновацион ёндашувлар, машғулот жараёнларида интерфаол усуллардан кенг фойланиш масалалари ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Тадбир якунида ҳарбий хизматчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.

Форумнинг иккинчи куни Нуристон дала ўқув майдонида жанговар тайёргарлик бўйича машғулотлар бўлиб ўтди. Сержантлар таркиби 12 та ўқув жойига бўлиниб, кўргазмали ҳамда амалий машқларда иштирок этишди. Амалий ўқ отиш майдонида ҳарбий округ жанговар тайёргарлик бўлими томонидан “замонавий” нишонга қарата ўқ отилди. Мазкур нишонни ишлаш механизми жуда содда тузилган бўлиб, отилган ўқ зарбидан қулаган пайт қизил рангли ишора нишони кўтарилади. Бу эса шартли душман яксон этилганини узоқда туриб, тез ва осон пайқаш имконини беради. Уни дастлабки ҳолатга қайтариш учун нишонга уланган сим дастагидан фойдаланади. Машғулот давомида нишонни ишлаш механизмини янада такомиллаштириш бўйича сержантлар томонидан бир қатор таклифлар берилди.

Форум якунида ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан сержантлар кенгашида фаол қатнашган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати