Мудофаа вазирлиги спортчилари ғолиблар қаторида

375

24-28 май кунлари Вьетнам пойтахти Хошимин шаҳрида таэквондонинг WTF йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида дунёнинг 34 мамлакатидан ташриф буюрган 564 нафар спортчи иштирок этди.

Мазкур нуфузли мусобақада Акмал Эргашев (бош мураббий) ва Павел Хан (катта мураббий) бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муваффақиятли қатнашди. Терма жамоа таркибида юртимиз шарафини ҳимоя қилган 14 нафар спортчининг 7 нафари Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакиллари бўлиб, турнир якунларига кўра деярли барча ҳарбий спортчиларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Хусусан, -74 кг вазн тоифасидаги таэквондочилар баҳсида иштирок этган Қуролли Кучлар хизматчиси Никита Рафалович барча рақибларидан устун келиб, Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, вазни 67 кг.гача бўлган аёллар ўртасидаги муросасиз беллашувларда яна бир бор ўз маҳоратини намойиш этган Қуролли Кучлар хизматчиси, Рио-2016 Олимпия ўйинларининг энг ёш иштирокчиси дея эътироф этилган умидли таэквондочи Нигора Турсунқулова барча баҳсларда ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. WTF йўналиши бўйича жаҳон чемпиони, кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби, шартнома бўйича хизмат оддий аскари Дмитрий Шокиндан (+87 кг) бу сафар омад юз ўгирди ва маҳоратли спортчимиз бронза медали билан кифояланишга мажбур бўлди. Шунингдек, мазкур мусобақада терма жамоамиз муваффақиятига муносиб улуш қўшган МВСК вакиллари – Қуролли Кучлар хизматчилари Максим Рафалович (-80 кг), Сардор Тоиров (-63 кг) ва Ниёз Пўлатов (-58 кг) ҳам бронза медали совриндорига айланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати