Захирадаги 300 нафардан зиёд офицер ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилди

243

Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ учун чақиртирилган 300 нафардан зиёд офицерлар таркиби билан ўқув йиғинлар ташкил этилмоқда. Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг ҳарбий кафедраларида таҳсил олган ва офицерлик лавозимларига заҳирадан тайинланган офицерлар ҳозирги вақтда Шарқий, Тошкент, Марказий, Жануби-ғарбий махсус ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округларнинг дала ўқув майдонларида ҳарбий тайёргарликка оид назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлаш қаторида бўйсунувидаги шахсий таркиб билан машғулотлар ташкил этиш ва ўтказиш услублари ҳақида кўникмаларга эга бўлмоқда. Ёш лейтенантлар мотоўқчи, таъминот ва техник бўлинмалари командири, командирнинг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, танк ва артиллерия бўлинмалари командири ва бошқа мутахассисликлар бўйича амалий тайёргарликдан ўтмоқда.

Республикамиз олий таълим муассасалари ҳарбий кафедраларида тайёргарликдан ўтган ва захирадаги (резервдаги) “лейтенант” ҳарбий унвонига эга бўлган фуқаролар шартнома бўйича ҳарбий хизматга, офицерлик лавозимларига тайинланишлари учун белгиланган тартибда доимий ҳарбий ҳисобда турган Мудофаа ишлари бошқармаси ёки бўлимларига мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати