Марказий ҳарбий клиник госпиталида таъмирдан чиққан янги бўлим фойдаланишга топширилди

314

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида 3 қаватдан иборат 1 ва 2 хонали шикаст ва жароҳат бўлими капитал таъмирдан чиқиб, фойдаланишга топширилди.

Траматология ва ортопедия бўлимнинг очилиш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ҳарбий шифокорлар ҳамда ҳарбий-тиббиёт ходимлари иштирок этди. Сўзга чиққанлар бугунги кунда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш бўйича амалга оширилган салмоқли ишлар, ҳарбий тиббиёт соҳасидаги эришилган ютуқлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Мазкур бўлим беморларга суний бўғимлар қўйиш, пай тикиш ҳамда совуқ урган ва куйганларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Умуртқа, бўғим, пай касалликлари билан оғриган ва тан жароҳати олган 37 та беморга мўлжалланган хона ва уларнинг ётиб даволаниши учун барча қулайликлар яратилган.

Бўлимни капитал таъмирлаш ишларига 4 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланган.

Яқин кунлар ичида бўлимга артроскопия (операция жараёнини экранда кузатиш асбоби), операция анжомлари ҳамда С-дуга (кўчма рентген аппарати) олиб келиш режалаштирилмоқда.

Мудофаа вазирлиги Матубот хизмати