Мудофаа вазири Россия ҳарбий делегациясини кутиб олди

345

21 май куни Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги ҳарбий делегация расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасига келди.

22 май куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-маёр Абдусалом Азизов кутиб олди.

Учрашувда мудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ҳарбий-техник соҳада ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базаси давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро тузилмаларнинг ўттизга яқин ҳужжатларида белгиланган.

2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар йили тасдиқланадиган Ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида амалга оширилади. Мазкур режаларни амалга ошириш доирасида тезкор ва жанговар ўқув, ҳарбий таълим, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий таъминотни ривожлантириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача юқорида қайд этилган режалар доирасида икки давлат ҳудудида 290 дан ортиқ ҳамкорликдаги тадбирлар ўтказилди.

2017 йил 24 октябрда Тошкентда минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Россия маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. 2017 йил сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳузурида ҳарбий атташе лавозими жорий этилди.

2017 йил октябр ойининг бошида Фориш тоғ дала ўқув майдони (Жиззах вилояти) базасида ўтказилган Ўзбекистон-Россия қўшма ҳарбий машқлари икки томонлама муносабатларнининг янада мустаҳкамланиши ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг кучайишига янги туртки берди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг тоғ-ўқчи бўлинмалари энг қийин тоғ шароитида ҳамкорликда ўқув жанговар вазифаларни бажариш бўйича тажриба ва қобилиятларини намойиш қилди.

Учрашувдан сўнг юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муассасасининг вазифалари, фаолияти ва бой шонли тарихи, шунингдек, малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари билан танишди.

Шу куни Россия Федерацияси ҳарбий делегацияси аъзолари Самарқанднинг тарихий ва маданий ёдгорликлари билан танишадилар.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати