“Танк биатлони” мусобақасининг якка пойгадаги шарти бўйича энг яхши экипаж аъзолари тақдирланди

123

Кеча, 14 август куни, “Патриот” паркида “Танк биатлони” мусобақасининг якка пойгадаги энг яхши экипаж аъзолари тақдирланди. Қувонарлиси, мукофотланганлар ичида мазкур мусобақада илк бор иштирок этаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасининг бир гуруҳ вакиллари ҳам бор.

Маълумки, “Танк биатлони” мусобақасининг биринчи босқичида 3 та экипажнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида ғолиблик сари кураш олиб борган эди. Ўша баҳсларда ўз маҳоратини синовдан ўтказиб, ҳакамлар ҳайъати ва мухлислар олқишига сазовор бўлган ҳарбий хизматчилар бугун муносиб баҳоланди.

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар “Якка пойгадаги энг яхши экипаж аъзолари” йўналиши бўйича биратўла иккита ўринни банд этишди. Шунингдек, механик-ҳайдовчиларнинг маҳорати ҳам алоҳида эътироф этилиб, номинация соҳиби бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 август куни, Москва вақти билан 11:00 да юртдошларимиз иштирокидаги “Танк биатлони” мусобақасининг финал баҳси бўлиб ўтади. Ишонамизки, ушбу ҳал қилувчи баҳсда ҳам вакилларимиз билдирилган ишончни оқлаб, юртимизга ёруғ юз билан кириб боришади.

Сайтимизни кузатиб боринг, биз финал баҳсининг тафсилотларини онлайн хабар тарзида ёритиб борамиз.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти