АрМИ – 2019. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг “Хавфсиз маршрут” жамоаси фахрли 3-ўрин билан юртимизга қайтиб келди

84

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “АрМИ-2019” В халқаро армия ўйинлари доирасида Россияда ўтказилган “Хавфсиз маршрут” мусобақасида фахрли 3-ўринни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар тантанали равишда кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимига Мудофаа вазирлиги масъул вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг ёру биродарлари ва Қуролли кучлар фахрийлари ташриф буюришди.

Атрофда байрамона кайфият ҳукмрон. Ҳарбий оркестр садолари остида аэропорт биносидан музаффар ҳарбийларимиз чиқиб келишди. Кўнгилларда ҳаяжон. Айниқса, бу онларда ота-оналар қувончининг таърифига сўз ожиз.

— Тошкент вилоятининг Бўка туманидан келдик, — дейди катта сержант Алишер Иномҳўжаевнинг онаси Ойиша опа Иномҳўжаева. — Айни дамда шунчалик хурсандманки, сўз билан ифодалаб беролмайман. Ғурур, ифтихор туйғусидан сармастман. Мен ўғлим билан фахрланаман. Бу ўғлонлар Ватанимизнинг ишончини муносиб оқлади. Уларнинг мусобақадаги иштирокини телевидение ва ижтимоий тармоқлардаги сайтлар орқали кузатиб бордик. Беллашувлар муросасиз бўлди. Лекин унда билим, тажриба ўз сўзини айтди.Илоҳим бу фарзандларимизнинг зафарлари бардавом бўлсин.

Шу куни Қуролли Кучлар давлат музейида мусобақада фаол иштирок этган ҳарбийларнинг фидойи хизмати алоҳида эътироф этилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти