АрМИ – 2019. “РЕМБАТ” мусобақаси ғолиблари округ миқиёсида тақдирланди

2

Тошкент ҳарбий округига қарашли Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида Россия Федерациясининг Омск шаҳрида ўтказилган “РЕМБАТ” – “Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони” мусобақасида муваффақиятли иштирок этган ҳамюртларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда ҳарбий қисм шахсий таркиби, ғолиблар ва уларнинг ота-оналари, яқинлари иштирок этди.

Тантанали маросимни ҳарбий қисм командири полковник Исмоил Қурбонов очиб бериб, халқаро ўйинларда эришилган ғалаба нафақат армиямизнинг, балки бутун Ўзбекистон халқининг ғалабаси эканини алоҳида таъкидлади.

Ҳаяжонли онларга навбат келди. Таъмирлаш гуруҳи секция командири сержант Жамолиддин Қосимов Россия Фидерациясининг Омск шаҳрида бўлиб ўтган “РЕМБАТ” мусобақасида фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, сафдошларига ўрнак бўлди. Ота-онаси, яқинлари олдида ёруғ юз билан фахрий кубокни боши узра кўтарди.

Алоқа взводи катта техниги сержант Райимжон Маҳкамов ҳамда сержант Шерзод Назиевлар ҳам ғалабага муносиб ҳисса қўшганлардан. Улар рус диёрининг Тива шаҳрида бўлиб ўтган авторалли мусобақасида фахрли 3-ўринни эгаллади.

Сержант Жамолиддин Қосимовнинг отаси Абдуҳалил Қосимов минбарга чиқар экан, кўз ёшларини яшира олмади.

– Юзлаб ҳарбий хизматчилар ичида фарзандинг муваффақиятини эшитиш ота учун қанчалик бахт эканини бир неча бор ҳис қилдим, – дейди Жамолиддин ота. – Ўғлим ҳарбий хизмати давомида кўплаб ютуқларга эришди, ҳар гал муқаддас саф майдонида кўпдан-кўп раҳматлар эшитдим. Мен Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган, дунёга танитаётган шундай ўғлим борлигидан фахрланаман.

Тақдирлаш маросимида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати