“Ҳарбий-тиббий эстафета”: жамоалар ғолиблик сари дадил одимламоқда

10

“Фориш” тоғ полигонида V “Халқаро армия ўйинлари – 2019” доирасида ўтказилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида “Жамоавий биринчилик” шарти бўйича  11 мамлакат тиббий хизмат ҳарбийлари (эркаклар ва аёллар) шифокорлик малакаси намойиши босқичида тиб илмига оид билимларини кўрсатди.

Унда иштирокчилар тиббиёт манекенига юрак ёпиқ массажи билан сунъий нафас бериш, юрак эшитиш ва ритмини аниқлаш, кардиограмма (ЭКГ)га асосан ташхис қуйиш, эмлаш, махсус манекеннинг кесилган жойини тикиш ҳамда Рентген қоғозида акс этган инсон танасининг турли жароҳат олган, синган-чиққан қисмларини, шунингдек ташқи таъсирлар орқали потологик ҳолатлар юз берган жойларини аниқлаш бўйича нималарга қодир эканлигини кўрсатди.

Моҳир шифокорлардан иборат ҳакамлар шахсий таркиби иштирокчиларнинг шарт давомида гигиена қоидаларига риоя этишидан тортиб, энг нозик ва мураккаб амалиётларни тўғри ва муваффақиятли бажаришларигача бўлган жараёнларни назорат қилиб, тезкорлик, аниқлик, ошкоралик мезонларига кўра баҳолаб борди.

Айни пайтда “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови иштирокчилари энг сўнги шарт бўйича баҳсларга киришган. Баҳсларнинг қизғин жараёнлари ва танлов натижалари билан сайтимиз орқали хабардор бўлиб боришингиз мумкин.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти