Ўрнак туманидаги ҳарбий қисмда 5 ташаббус ижроси таъминланди

57

Кеча, 13 август куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизони ҳарбий қисмларидан бирида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш доирасида янги мини футбол майдончаси ва тадбиркор аёл Гулшод Исакова раҳбарлигидаги “Бекажон” тикув цехининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ва округ қўмондонлиги, туман ҳокимият вакиллари ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

Маросимдан сўз олган меҳмонлар ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини янгилик билан қутлашди. Маросимда муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги элементлари намойиш этилди. Жажжи болакайлар томонидан тайёрланган либослар намойиши ҳамда ажойиб куй ва қўшиқлар меҳмонлар олқишига сазовор бўлди.

Мини футбол майдончасининг барпо этилиши айниқса, футболга қизиқиши бўлган ёшларни қувонтирди. Тикувчилик цехи 3 нафар ҳарбий хизматчининг оиласини иш билан таъминлади. Ҳарбий шаҳарчада мактабгача таълим муассасасининг барпо этилганига ҳали унча кўп вақт бўлмасдан, галдаги ўзгаришлар ҳарбийларнинг оилаларига завқ улашди.

Мудофаа вазирлигидан ташриф буюрган масъул офицерлар маросим сўнггида ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган ҳарбийларнинг оилалари шароити билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммолар ўрганилди.

 Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати