Ҳарбий қисм психологик юкламаларни ечиш хонасида – “қисқа муддатли маънавий таътил”

3

Олимларнинг қайд этишича, дунё илм-фанлари ичида энг кам ўрганилган, тадқиқ этилган соҳалардан бири – психология фани экан. Инсоннинг руҳий механизмларидаги мураккабликлар: сезгилар, онг остидаги пўртаналар (интуиция), туйғулар, замон ва макон, борлиқ ва йўқлик тушунчалари негизида туташувчи асрий “калава”ларнининг “учи”ни илмий жиҳатдан топиш осон эмас, албатта. Шундай бўлса-да, инсоният бу борада қатор муваффақиятли тажрибаларни синовдан ўтказган…

Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг ташаббуси билан 2018 йилда қўшинларнинг психологик, руҳий ҳолатини жисмоний имкониятлари билан мутаносиб даражада юксалтириб бориш мақсадида ҳарбий қисмларда психологлар иш бошлади.

Бу ўз навбатида шахсий таркиб умум кайфиятининг ижобийлиги, хизмат чоғида ҳар қандай вазиятда қатъиятли ва руҳий барқарорлиги каби жиҳатларнинг бирмунча юксалишига хизмат қилаётир.

Тошкент ҳарбий округининг Чирчиқ гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўрнатилган психологик кўмак тизими, айниқса, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскарлари учун, таъбир жоиз бўлса, “қисқа муддатли маънавий таътил” бўлмоқда.

Ҳарбий қисм психологи шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Асилбек Яхшиев томонидан ҳарбий қисмда юқори дид билан безатилган психологик юкламаларни ечиш хонасига ногоҳ кирсангиз, ҳар қандай кайфиятда, руҳий ҳолатда бўлманг, бу ердаги махсус воситалар, энг муҳими малакали мутахассис руҳий ҳолатингизни стабиллаштиради.

– Биз, аскарлар ушбу хонага гоҳида келиб турамиз. Ўзимизни қийнаётган, иккилантираётган, безовта қилаётган ёки юқори даражада хизмат ўташимизга монеълик қиладиган бирор масала ёки муаммони самарали ечишда бу хона айни муддао, – дейди оддий аскар Лочинбек Раззоқбердиев. – Муҳими, бу ерда сирларимизни эшитадиган, уни сақлай биладиган ва тўғри маслаҳат, руҳий мадад берадиган мутахассис бор. Бундан ғоятда хурсандмиз.

Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг айтишларича, армиянинг муҳим анъанаси – бошлиқ ва бўсунувчи муносабатлари бир неча дақиқага бўлса-да психологик юкламаларни ечиш хонаси эшигидан ташқарида қоларкан. Бу ҳам психологнинг ютуғи!

– Мусиқа, сўз, тасвир, машғулот орқали руҳий импулс аксарият ҳолатларда самарали ҳисобланади, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Асилбек Яхшиев. – Ҳамшира бир уринишда беморнинг венасига игна санчиши қанчалар муҳим бўлса, психолог ҳам илк уринишда қаршисидаги инсоннинг қалбига, руҳий оламига йўл топа билиши зарур. Бунда, хушмуомалалик, самимият ва дўстона илтифот кўрсатиш ҳамда суҳбатдошни тушунаётганингизни билдириш кифоя.

Қуролни елкалаб юрган ўғлон, уни ишлатиш зарур бўлган вақтда руҳий жиҳатдан ҳам бехато қарор қабул қилиши лозим. Мудофаа вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган ҳарбий психологлар айни барқарорликни таъминлайдилар.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти