Нукусда сайёр қабул: 150 нафарга яқин ҳарбий оиласининг мурожаати кўриб чиқилди

17

Бугун, 13 август куни Мудофаа вазири томонидан тасдиқланган режага кўра, Нукус шаҳрида жойлашган Ёш томошабинлар театрида вазирлик масъул мансабдор шахслари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерлар, фуқароларнинг муаммолари, талаб, таклиф ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида уюштирилган сайёр қабул давомида 146 та мурожаат кўриб чиқилди. 97 та мурожаат қабул давомида ижобий ҳал этилиб, 49 та мурожаатга кўриб чиқиш ва ҳал этиш масаласи қўйилди.

Сержант Элмурод Шариповнинг онаси Жумагул Булсакова ўғлига Нукус шаҳридан уй берилиши масаласида масъул мансабдорларга мурожаат этганди, 2020 йилда уч хонали уй билан таъминланадиган бўлди. Катта сержант Баҳодир Мамутов бир неча йиллардан буён оиласидан узоқда Фарғона вилоятининг Сўх туманида хизмат қилиб келаётганди. Турмуш ўртоғи Саятхон Хутимованинг муржаати инобатга олиниб, сержант Б.Мамутовнинг хизмат жойи Нукус шаҳрига кўчириладиган бўлди.

– Мен, Гулистон давлат университетини тамомлаганман, – дейди сержант Санжар Маматкулов. – Тарбиявий ишлар йўналишида ҳарбий хизматни давом эттириш ниятида эканимни ва навбатдаги ҳарбий унвонни олишим бўйича мурожаат этганимда, мурожаатим ижобий ҳал этилди.

Эслатиб ўтамиз, 14 август куни Устюрт Газ-кимё мажмуаси биноси ва Тахиатош туман ҳокимлиги биносида, 15 август куни эса Хоразм тиббиёт институти биносида сайёр қабуллар ўтказилади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти