Ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлар ярим финалда беллашмоқда

57

Бешинчи халқаро армия ўйинларининг “Дала ошхонаси” мусобақасида иштирок этаётган ҳарбий ошпазларимиз мусобақанинг сўнгги босқичида ўз маҳоратларини намойиш этмоқда. Вакилларимиз охирги босқичнинг биринчи турида «Дала ошхонаси» мусобақаси низомида белгиланган иккитадан биринчи ва иккинчи таомлар, шарбат ва десерт тайёрлаш шартларини бажаришди.

Мазкур босқичда ҳам ҳамюртларимиз ғалаба учун сув ва ҳаводек зарур бўлган керакли балларни тўплашнинг уддасидан чиқа олди. Бу, албатта, қўли ширин ҳарбий ошпазларимизнинг ўз касбининг қанчалик устаси эканлигидан далолат.

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар тайёрлаган таом, шарбат ва ширинлик ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбийларимиз баллар ҳисобида ҳозирча 4-ўринда кетмоқда.

Баҳсларни еттинчи қаторда жойлашган дала ошхонасида олиб бораётган вакилларимиз бугун энг сўнгги шарт – нон пишириш борасида қанчалик маҳорат эгаси эканликларини кўрсатади. Шу билан «Дала ошхонаси» мусобақаси ҳам ўз ниҳоясига етади. Юртдошларимизга сўнгги шартда ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти