Армия ва халқ якдиллиги янада мустаҳкамланмоқда

41

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 июль кунги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг тегишли буйруқ ва кўрсатмаларига асосан, Каттақўрғон гарнизонидаги артиллериячилар ҳарбий қисми тарғибот гуруҳи томонидан Каттақўрғон шаҳридаги 6-сонли мактабгача таълим муассасида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида тарбияланувчилар иштирокида “Менинг Ватаним!” мавзусида расм чизиш танлови ўтказилди ва уларнинг Ватан тўғрисидаги шеърлари тингланди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Каттақўрғон шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда 11-умумтаълим мактаби директори, депутат О.Салимова ва “Халқ демократик партияси” Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси С.Ражабовлар иштирокида ҳарбий қисм шахсий таркиби билан “Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳатлар ва уларнинг аҳамияти” мавзусида маънавият соати ташкил этилди.

Шу билан бирга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказилиб, уларга ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак берилмоқда.

Ҳарбий қисм томонидан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида ташкиллаштирилган гала концертда иштирок этган иқтидорли ва фаол ёшлар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, қаҳрамонларнинг ота-оналари ва бошқалар бу каби тадбирлар орқали армия ва халқ якдиллиги янада мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлашди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти